Жорий йилнинг 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси биносида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, туман ва шаҳарларнинг маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирокида тармоқлар ва ҳудудлар кесимида ташқи савдо фаолиятининг жорий ҳолатини таҳлил қилишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев раҳбарлигида ўтказилган ушбу тадбирда вилоятлар ва тармоқлар кесимида экспорт фаолиятининг жорий кўрсаткичлари кўриб чиқилди.

Экспортга етказиб бериш жараёнида маҳаллий корхоналар дуч келадиган бир қатор тизимли ва хусусий муаммолар аниқланди. Муаммолар асосан экспортчиларнинг кредит ресурсларини олишдаги қийинчиликлари, жойларда тегишли муҳандислик инфратузилмасининг йўқлиги, зарур экспорт рухсатномаларини олиш, солиқ соҳасидаги масалаларни ҳал қилиш, хусусан, илгари тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш, чет эллик мижозларни топиш ва бошқа жиҳатлар билан боғлиқ эди.

Йиғилишда иштирок этган масъул раҳбарларга экспортчилар дуч келаётган муаммоларни тезкор аниқлаш ва аниқ ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ва маҳаллалар даражасида улар билан манзилли ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятини мониторинг қилиш учун тадбиркорлар билан доимий мулоқотда бўлиш  вазифаси қўйилди.

Кўтарилган барча масалалар ҳар томонлама таҳлил қилинди ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарларига қисқа вақтда уларни ҳал этиш бўйича самарали чоралар кўриш топширилди.