Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж. Ходжаев видеоконференсалоқа тарзида инвестициявий фаолият ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари Давлат инвестиция дастури ҳамда вилоятлар ва тармоқлар кесимида Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисобот бердилар, лойиҳа ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш бўйича режаларни белгилаб олдилар, шунингдек, ҳар бири бўйича ўрганиш ўтказилиб тегишли эчимлар ишлаб чиқилган муаммоли масалалар ҳақида сўзлаб бердилар.

Йиғилишда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг жалб қилинган маблағлари ва грантларини ўзлаштиришнинг ҳозирги ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ва қарз маблағларидан мақсадли фойдаланиш мониторингини кучайтириш топширилди.

Шунингдек, муҳокама кун тартибига мувофиқ Давлатимиз раҳбарининг жорий йил август ойида бўлиб ўтадиган тадбиркорлар билан Очиқ мулоқотини ўтказишга тайёргарлик кўриш чоралари ўрганилди. Тадбиркорлар томонидан юборилаётган мурожаатлар ва таклифларни жамлаш ва таҳлил қилиш жараёни кўриб чиқилди. Жумладан, бугунги кун ҳолатига кўра Республика штабига 6 316 та мурожаат келиб тушди, шундан 1719 та ариза бўйича амалий эчимлар ишлаб чиқилди. Таъкидланишича, муаммоли масалалардан ташқари, мурожаатларнинг умумий ҳажмида бизнес вакилларининг мамлакатда инвестиция ва бизнес муҳитини юксалтиришга қаратилган кенг доирадаги омилларга оид конструктив таклифлари катта қисмини эгаллайди. Ҳар бир бундай таклиф тегишли органлар ва тузилмаларнинг экспертлари ва мутахассислари томонидан амалдаги меъёрий-ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш ёки ҳукумат қарорлари лойиҳаларини тайёрлашда фойдаланиш учун батафсил ўрганилади.